Олий суд жамоаси 27 октябрь куни «Миллий» стадионида кечган финал баҳсида «Ўзтелеком» АЖ жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Судьялар жамоаси ярим финалда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигини 3:0 ҳисобида мағлуб этган, «Ўзтелеком» эса Сув хўжалиги вазирлиги жамоасидан 3:1 ҳисобида устун келганди. Тақдирлаш маросимида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Вазирликлар, ташкилот ва идоралар ўртасидаги «Бош вазир кубоги – 2019» мусобақаси эркаклар ўртасида футбол, аёллар ўртасида эса волейбол баҳсларидан иборат бўлди.
26 октябрь куни волейбол мусобақасининг ҳал қилувчи ўйинлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бўлиб ўтди.
Финалда «Ўзбекистон темир йўллари» жамоаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг волейболчи хотин-қизларини мағлуб этиб, чемпион бўлди. 3-ўрин эса Мактабгача таълим вазирлиги жамоасини енгган Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига насиб этди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, турнирда қатнашиш учун 148 та вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларга хат юборилган, якунда эркаклар ўртасидаги футбол мусобақаларида қатнашиш учун 64 та, волейбол мусобақаларида иштирок этиш учун эса 11 та жамоа талабнома тақдим этган.
Изоҳ (0)