Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Мўйноқ тумани ҳам ҳақиқий янгиланишлар, ўзгаришларга юз тутди. Бугун ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ошиб, бу ерда кўплаб йирик ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энг асосийси, бундай ўзгаришлар туман аҳолисининг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилаётир. Бу эса, ўз навбатида, электр энергия таъминоти билан боғлиқ масалаларни янада такомиллаштириш, соҳага янги замонавий технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, энергетика соҳасини ривожлантириш борасида кейинги йилларда юртимизда катта ишлар қилиняпти. Хусусан, жорий йил март ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» Акциядорлик жамияти томонидан Мўйноқ туман электр таъминоти корхонасининг янги биноси қурилиш ишлари бошланган эди. 23-октябр куни ушбу замонавий мажмуанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Мўйноқда ҳам электр энергетикаси соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – Хусусан, бу ерда қисқа муддатларда инновацион технологиялар асосида жиҳозланган, истеъмолчиларга узлуксиз хизмат кўрсатувчи уч қаватли замонавий бинода барча қулайликларга эга бўлган 120 ўринли холл ва заллар бунёд этилган. Қолаверса, рўйхатга олиш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида замонавий талабларга тўла жавоб берувчи 6 та монитор ҳамда бепул Wi-Fi тармоғи ҳам жорий қилинди. Бундан ташқари, мижозлар учун қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида маълумотлар электрон таблоларда акс этиб туради.
Шу билан бирга, бу ерда энергия таъминотининг автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий қилинди. Ушбу тузим мамлакатимиз электр тармоқлари тизимида ноёб бўлиб, оператив-диспетчерлик хизмати томонидан амалга оширилади. Бошқача айтганда, ушбу электр таъминоти тизимида корхона тасарруфидаги 5 мингдан зиёд хонадонга ва 300 га яқин юридик истеъмолчига хизмат кўрсатувчи 5 та подстанция, узунлиги 564 километр бўлган 0,4/10 кВ ли электр узатиш тармоқлари, янгидан тортилаётган электр кабел симлари, шунингдек, 166 та трансформатор пунктининг электрон тарздаги схематик графиги мавжуд бўлиб, уларни назорат килиш махсус «Радиомера» дастури асосида амалга оширилади.
Ушбу дастур оркали туман ҳудудидаги барча подстанцияларга оид маълумотлар йиғилиб, оператив-диспетчер хизматига он-лайн режимида етказиб берилади.
Шунингдек ушбу дастур оркали 110/10 кВ ли «Орол» подстанциясида ўрнатилган вакуумли включателни ҳам бошқариш имкони яратилди. Корағалпоғистон Республикасида биринчи бўлиб жорий қилинган бундай қурилма подстанцияда юзага келиши мумкин бўлган барча авария ҳолатларининг олдини олиш, эксплуатация сарф-ҳаражатларини камайтириш имконини беради. Шу ўринда энергия таъминоти бошқарувидаги бундай янгилик Қорақалпоғистон Республикасида биринчи маротаба жорий этилганлигини таъкидлаш жоиз.
Бинодаги конференс зал, корхона мутахассисларини ўқитиш хонаси иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Мижозлар учун қулайлик яратиш мақсадида фуқароларни қабул қилиш хонаси фаолияти йўлган қўйилди. Бинога кираверишда ўрнатилган таблодан эса мижозлар электр энергияси истеъмоли билан боғлиқ барча маълумотларга эга бўлишлари мумкин.
Бинонинг учинчи қаватида Оролбуйида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида республикамиз ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган сайёҳлар учун хостел жойлашган.
Ишонамизки, Мўйноқда ишга туширилган янги электр таъминоти корхонаси, қолаверса соҳада олиб борилаётган шу каби саъй-ҳаракатлар маҳаллий аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати
Маълумот шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди
Изоҳ (0)