Қашқадарё вилоятидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ҳудудида Damas русумли автомобиль ёниб зарарланди, деб хабар беради ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси.
17 октябрь, пайшанба куни соат 15:09 да Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани «Олтиндала» МФЙда жойлашган «Имкон сервис» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси ҳудудида Damas русумли автомобилда ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган.
Ёнғинни бартараф этишга 1 та ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Бўлинма воқеа жойига 2 дақиқада етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:13 да қуршаб олиниб, соат 15:16 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғиннинг кенг майдонга тарқалиб кетиши олди олинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ҳодиса оқибатида фуқаро Х.Ж.га тегишли Damas тўлиқ ёниб зарарланган.
Ёнғиннинг тахминий сабаби — автомобилга сиқилган газни тўлдиргандан сўнг газ шланги узилмасдан автомобилнинг ҳаракатланиб кетиши. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)