Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Покистонга келди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Делегация таркибидан шаҳар ҳокимлиги, ишбилармон доиралар ва Наманган муҳандислик-технология институти вакиллари ўрин олган.
Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқовнинг таклифига биноан амалга оширилаётган сафар давомида делегация Панжоб вилоятининг Лаҳор ва Файсалобод шаҳарларида бўлади. Улар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, Наманганнинг экспорт салоҳиятини тарғиб қилиш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар ишлаб чиқиш, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек сафар давомида Наманган муҳандислик-технология институти ва Файсалободдаги Покистон миллий енгил саноат университети билан ҳамкорлик келишуви имзоланиши режалаштирилган. Институтда келгусида Покистон билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини жаҳон стандартлари даражасида синовдан ўтказиш ва сертификациялаш лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.
Панжоб вилоятига сафарнинг биринчи кунида Ўзбекистон ва Покистон ишбилармонлари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Панжоб вилоятида 110 миллион киши ёки Покистон аҳолисининг ярмидан ортиғи истиқомат қилади.
Изоҳ (0)