Ўзбекистон Марказий банки молиявий оммабопликни ошириш бўйича Молиявий оммабоплик альянси (АФИ) аъзолари сиёсатининг асосий йўналишларини акс эттирувчи «Майя декларацияси»га қўшилди, дея хабар берди банк матбуот хизмати.
Марказий банк делегацияси 11−13 сентябрь кунлари Руандада «Аёллар ва ёшларни жалб қилиш учун технологиялардан фойдаланиш» шиори остида бўлиб ўтган АФИ йиллик форумида декларацияга аъзо бўлди. Ўзбекистон «Майя декларацияси»ни қабул қилган 78-давлат бўлди.
Марказий банк ўзига 2020 йил январига қадар молиявий оммабопликни ошириш Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш мажбуриятини олди. У лаҳзалик тўлов тизимларини жорий этиш, шахслар кимлигини масофадан аниқлашни йўлга қўйиш ва таълимий сайтларни ишга туширишни ўз ичига олади.
АФИнинг тўртинчи йиллик умумий йиғилишида «Аҳолининг алоҳида гуруҳлари учун молиявий интеграцияни жадаллаштириш» Кигали битими, электрон пуллар соҳасидаги молиявий сиёсат модели ва молиявий оммабопликнинг асосий кўрсаткичлари тўплами бўйича моделлар кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
АФИ — дунёнинг 90 га яқин ривожланаётган давлатларининг молиявий органлари бошқарувчиларини бирлаштирган халқаро ташкилот. Альянснинг асосий вазифаси аҳолига молиявий хизматлар кўрсатилишини кенгайтириш бўйича чораларни ишлаб чиқишдан иборат. Ўзбекистон ўтган йилнинг августида АФИ аъзосига айланди.
Изоҳ (0)