Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимининг антисанитария ҳолати, бино таъмирталаб аҳволга келиб қолгани ҳамда бу ерда беморларнинг даволаниши учун етарли шароитлар мавжуд эмаслиги ҳақида видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими биноси 2012 йилда инвестиция дастури асосида қурилган. Бино тоза ичимлик суви, сув иситгич қурилмалари ёрдамида иссиқ сув ҳамда канализация тизими билан таъминланган. Ичимлик суви ва канализация қувурлари девор ва пол қисмидаги туз миқдори ҳисобига занглаган. Ҳозирда ушбу қувурлардан сув сизиб чиқиши натижасида бинонинг асосий таянч деворлари захлаган, сувоқлари кўчиб тушмоқда. Шунга қарамасдан бинонинг девор сувоқлари, сув ва канализация тизимида бир неча бор жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Жорий йил бошида мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижаларга кўра, бинонинг пойдевор қисми атрофини очиш, уни захлашдан ҳимоялаш бўйича таклифлар берилди.
Жумладан, Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун бинони капитал таъмирлаш ҳисобига унинг пойдевор қисмини ер ости сувидан ҳимоялаш, изоляция қилиш, ичимлик суви тизимидаги барча қувурларни алмаштириш, канализация тизимини марказий шифохонанинг марказлашган канализация тизимига улаш, деворларнинг кўчиб тушаётган сувоқларини тушириш, уларни захдан ҳимоя қиладиган махсус воситалар билан таъминлаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида инвестиция дастури доирасида 13,7 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Яқин вақт оралиғида мазкур бинони қайтадан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада мазкур бинонинг ишламай турган қисми акс этган. Туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази бош шифокори Ш.Бобоеванинг хулосасига кўра, бинонинг ҳозирги ҳолати аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳамда шифохона ичи инфекциялари юқтирилиши ва тарқатилишига асос бўлмайди.
Изоҳ (0)