Бўзсув каналидаги ачимсиқ ҳидга ГЭС модернизация қилинаётгани ва қорайиб кетишига эса текстиль корхоналаридан чиқаётган бўёқ сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Бўзсув аэрация станцияси мутасаддилари «Дарё» мухбири билан бўлган мулоқотда айтиб ўтди.
Олдинроқ Тошкент шаҳрининг 5 та тумани чиқинди сувлари Бўзсув аэрация станциясидан Бўзсув каналига деярли тозаланмаган ҳолда оқизиб юборилаётгани ва бу аҳоли ҳаётига катта хавф солаётгани қайд этилган мақола чоп этилган эди.
Унда Бўзсув канали атрофида яшаётган аҳоли вакиллари кўп йиллардан буён ачимсиқ ҳид ва турли ҳашаротлардан безор бўлгани қайд этилган. Лекин эътирозларни ҳеч ким эшитмаётгани ва муаммога ҳалигача ечим топилмагани айтилган.
Мақола чоп этилгандан сўнг, асл ҳолатни кўздан кечириш мақсадида Бўзсув аэрация станциясига журналистлар таклиф этилди. Станция ходимлари томонидан пойтахтдан оқиб келувчи оқова сувни станциясияга келиб қуйилишидан то чиқиб кетишигача бўлган жараён кўрсатиб берилди.
Маълум қилинишича, Бўзсув аэрация станциясида 1995 йилдан бошлаб ускуналар эскириб, 2010 йилгача абгор аҳволга келиб қолган. 2014 йилда Хитой, Дания ва Англиядан замонавий ускуналар келтирилиб, станция модернизация қилинган. Унгача канализация сувларининг 30-35 фоизи тозаланиб каналга оқизилган бўлса, модернизациядан кейин чиқинди сувларини тозалаш 75 фоизга кўтарилган.
Якунда Бўзсув каналига оқизиб юборилаётган сув текширилганда ҳеч қандай ахлат топилмади. Мутахассислар каналнинг қорайиб кўриниши ва ачимсиқ ҳидга бошқа омиллар сабаб бўлаётганини билдирди.
Ачимсиқ ҳидга ГЭС айбдор(ми?)
Технолог Дўнанбой Казибековнинг айтишича, режа бўйича Бўзсув аэрация станциясидан чиққан сув канал сувига қўшилиб, 15—20 километр оққандан сўнг тоза ҳолатга келади. Шундан сўнг сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, каналда секундига станциядан чиқаётган 7—8 куб метр сувдан ташқари яна 10 куб метр тоза сув оқиши керак. Шундагина станциядан чиқаётган сув билан каналдан келган сув қоришиб нормаллашади.
«Лекин бу жараён баъзи бир объектив сабабларга кўра ўзгариб кетди ва муаммога айланди. Ёз ойларида каналга келадиган сув камайиб кетади. Биз ҳаммаёққа ёзамиз, бу ерда халқ сассиқ ҳиддан қийналади. Ҳақиқатан ҳам, 2 километр жойда сув турғунлашиб қолади ва ёмон ҳид кўтарилади. Ҳид кундуз пайтда унчалик билинмайди. Кечаси намлик юқори бўлиб турган вақтда чўкинмалар тепага кўтарилади ва ҳид чиқади. Кечки вақтларда кундузгига қараганда кўпроқ ҳид кўтарилади», — деди технолог.
Унинг таъкидлашича, станциядан кейин 2 километрда сувни тўхтаб қолишига 14-ГЭС модернизация қилинаётгани сабаб бўлмоқда.
«Бу муаммо ҳозир пайдо бўлгани йўқ, аввал ҳам шундай ҳолат кузатилган. Ўша пайтда шаҳар ҳокими ҳам, ДХХ ходимлари ҳам келган. Биз уларга аниқ фактларни тақдим этганмиз. Тегишли ташкилотлар билан 2018 йилда баённома тузилган. Унга кўра, ГЭС модернизация қилинаётган пайтида ҳам Бўзсув каналидаги сув тўхтатиб қўймаслиги қайд этилган. Лекин ГЭС хоҳлаган вақтда сувни тўхтатиб қўймоқда. Улар сувни тўхтатишдан аввал буни биз билан муҳокама қилиш керак. ГЭС 2 куб метр канал сувини ва 8 куб метр станция сувини фавқулодда ҳолатларда чиқиш йўлидан ўтказмоқда», — дея қўшимча қилди Казибеков.
«Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади» унитар корхонаси раҳбари Қобилжон Примқуловнинг «Дарё»га маълум қилишича, ГЭС ҳозирги кунда бор сувни ўтказиб келмоқда ва қанча сув бўлса ўтказишга тайёр. Каналга қўшимча 10 куб метр сув берилишига ГЭС масъул эмас. ГЭСдаги қурилиш ишларининг биринчи агрегати 2020 йилнинг март ойида ва иккинчи агрегати куз фаслига бориб, ишга тушиши режалаштирилган.
Канал сувининг қора рангга бўялиши
Бўзсув аэрация станцияси технологларининг айтишича, Бўзсув каналини қора рангга кириб қолаётганига пойтахтдаги текстиль корхонларининг бўёқлари сабаб бўлмоқда.
«Тошкент шаҳрида 5 та текстиль корхонаси оқова сувга бўёқлардан чиққан чиқиндиларни оқизади. Бўёқларни Бўзсув аэрация станцияси ускуналари тозалай олмайди. Чунки у биологик чиқинди. Уларни кимё-физика методидан фойдаланган ҳолда тозалаш мумкин, холос. Биз бу бўйича қанча мурожаат қилсак-да, натижа бўлмаяпти», — деди Казибеков.
Қайд этилишича, тартибга кўра шаҳардаги тери маҳсулотларини қайта ишлаш ва автомобиль ювиш корхоналарида биологик тозалаш учун мўлжалланган мини ускуналар бўлиши керак. Лекин уларда бундай ускуналар йўқ.
Номига қўйилган «пломба»
Бўзсув аэрация станциясидан чиқинди сувни чиқариб юборишни яна бир йўли борки, у фақат фавқулодда вазиятлардагина очилади. Ўша чиқувчи дарвоза кўздан кечирилганда, унга ўрнатилган пломба омонат ўрнатилганига гувоҳ бўлдик.
Чиқинди сув йўлини тўсувчи дарвозага «54» рақамли пломба ўрнатилган. Пломбани қайд этиб бориш дафтари аввал йўқ дейилди, кейинроқ бир дафтар кўрсатилди. Унда биринчи қайд қилиш санаси июнь ойига тўғри келса, қолган саналар тушунарсиз ва унда пломба ҳақида ҳеч қандай сўз йўқ.
Пломбани ечиб олиш ва уни ўрнатиш қай тартибда амалга оширилиши сўралганда. «Пломбага умуман тегмаймиз», дея жавоб берди Бўзсув аэрация станцияси раҳбари Жамшид Зуфаров.
Бундан англашиладики, аҳоли вакиллари айтганидек, кечки вақтларда чиқинди сув тозаланмасдан оқизиб юборилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Биз бундай тушунарсиз ҳолатдан ажабланиб, шубҳа-гумонлар билан қайтдик...
Изоҳ (0)