Сентябрда Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг такомиллаштирилган талқини тақдим этилади, деб ёзади Spot.
Порталнинг янги интерфейси ишлаб чиқилди, шунингдек, функционал имкониятларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиш бошланди.
«Портал ўз диққатини асосий вазифаларга — жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри давлат органларига мурожаат қилишлари, давлат бошқаруви самарадорлигининг оширилиши, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириши учун қулай шарт-шароитларнинг яратилишига қаратди. 2017 йилда ишга туширилган порталда хизматлар фойдаланувчи авторизациядан ўтгандан сўнг амалга оширилар эди. Янги талқинда барча жараёнлар соддалаштирилди ва бутунлай автоматлаштирилди» деб таъкидлайди — «Ягона интегратор Uzinfocom бош директори вазифасини бажарувчиси Эмил Гимранов.
Порталнинг янги талқинидаги асосий қулайлик — бу фойдаланувчи учун мослашувчан дизайнга эга бўлган интерфейсдир. Эндиликда порталдан фойдаланишда компьютер талаб этилмайди, мобил телефон ёки планшет орқали ҳам бир марта рўйхатдан ўтиб, ҳеч қандай қийинчиликсиз фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, портал давлат хизматларидан фойдаланиш, зарур маълумотларни қидириш, бизнес масалаларини тезда ҳал қилиш ва бошқа кўплаб имкониятларни яратишда фойдаланувчиларга тезкорлик ва аниқликни тақдим этади.
Порталнинг янги талқини аввалги талқинидан фарқли ўлароқ эндиликда фойдаланувчидан барча давлат хизматлари тури билан танишиш учун ягона идентификация тизимидан рўйхатдан ўтиши талаб этилмайди.
Керакли давлат хизматларини осон ва қулай равишда топиш имкониятини яратиш мақсадида «Ҳаётий вазиятлар» бўлими ташкил қилинди.
Масалан, «Боланинг туғилиши» блокида ушбу вазият билан боғлиқ барча давлат хизматлари намоён бўлади. Тегишли маълумотномалар бериш, моддий ёрдам олиш ва шу каби хизматлар шулар жумласидандир. Ҳар бир ҳаётий вазиятга боғлиқ хизматлар ишга туширилиши билан у тегишли хизматлар блокига қўшилади.
Портални ривожлантириш бўйича таклиф-мулоҳазаларни қуйидаги электрон манзилга юбориш мумкин: e-gov@napm.uz; info@uzinfocom.uz
Изоҳ (0)