Урганч шаҳридаги «Ашхобод» маҳалласида яшовчи аҳолига Урганч тумани, Чондирқиёт қишлоғидан ер ўрни ажратиб берилган, аммо хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули тўланмаганди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
26 июль куни Чондирқиёт қишлоғида одамлар норозилиги сабаб соат тахминан 21:00 да Урганч — Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсгани ва бир неча соат давомида катта қатнов йўлида автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолгани тўғрисида овозалар тарқалди. Бундан хабар топган вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига зудлик билан етиб бориб норози аҳоли билан мулоқотга киришди.
Аҳолини тинчлантириб, 27 июль куни эрталаб соат 8:00 да шу жойнинг ўзида ишчи гуруҳни тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказиб, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берганидан сўнг одамлар тинчланиб, тарқала бошлади.
Бугун эрталабдан вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ аҳолига билан учрашиш мақсадида келди. Хозирда вилоят ҳокими ҳар бир хонадон эгаси билан шахсан ўзи учрашиб уларнинг талаб ва истакларини эшитиб, шу юзасидан амалий чора кўрмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва хомиладор аёлларга қўшимча шароит ҳамда ер ажратиб берилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолига текинга қум етказиб берилмоқда, қурилиш молларини бозор нархидан хам 10 фоиз чегирма билан етказиб беришни ҳоким шахсан ўз назоратига олди.
Изоҳ (0)