Нью-Йоркда ИШИДга ёрдам кўрсатганликда айбланаётган қозоғистонлик Рустам Асаиновга нисбатан жиноят иши очилди, деб хабар беради Forum Daily.
Қораловчи томон тақдим этган ҳужжатларга кўра, 42 ёшли Асаинов Бруклинда 1998 йилдан 2013 йилгача яшаб келган ва АҚШ фуқаролигини олган.
Асаинов 2003 йилнинг 18 июлида банкротга учраганини маълум қилган. Жорий йилнинг 18 июлида эса у Яқин Шарқдан Нью-Йоркка олиб келинган. Асаинов бир қанча муддат Сурия демократик кучларининг асири бўлган.
Агарда Рустам Асаинов айбдор деб топилса, 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Прокуратура унга нисбатан яна қўшимча айбловлар эълон қилиниши мумкинлигини қайд этган.
Детектив Мартиннинг сўзларига кўра, Асаинов 2013 йилнинг 24 декабрида Нью-Йорк аэропортидан Истанбулга учган. Икки кун Истанбулдаги меҳмонхонада яшаган Асаинов Сурия томон йўл олган ва у ерда ИШИДнинг энг яхши снайперчиларидан бирига айланган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)