Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Катта Фарғона каналига қурилган кичик ГЕС каскадлари ишга туширилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Сзян Ян, «Ўзбекгидроэнерго» акционерлик жамияти мутасаддилари, хитойлик ҳамкорлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Умумий қиймати 31 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг 22,3 миллион доллар маблағи ҳамда Хитой «Эксимбанк»и томонидан ажратилган кредит ҳисобига қуриб битказилди. Лойиҳанинг ўзини ўзи қоплаш муддати 8,5 йил деб белгиланган.
6 мегаваттлик икки кичик ГЕСдан иборат каскад Катта Фарғона каналининг ПK-142 ҳамда ПK-184 участкалари оралиғида барпо этилди.
Ушбу кичик ГЕС каскадлари ишга тушиши натижасида Наманган вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 72,89 миллион киловатт-соатга ортади. Учқўрғон туманидаги 48 минг хонадон экологик тоза технологияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси билан таъминланади.
Изоҳ (0)