Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган давлат университети таркибида Ўзбекистон—Россия қўшма «Тиббиёт» факультетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Наманган давлат университети таркибида Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликдаги Ўзбекистон—Россия қўшма «Тиббиёт» факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Лойиҳада аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида юқори малакали тиббиёт кадрлар тайёрлаш ва бошқалар факультет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон олий таълим давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда университетнинг Урал давлат тиббиёт университети билан қўшма таълим дастурлари асосида амалга оширилади.
Қарор лойиҳасига кўра, факультетда 2019—2020-ўқув йилидан бошлаб қабул квотаси Наманган вилоятидаги мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланади.
Ҳужжатда факультет талабалари мос равишда таълимнинг камида 2 йилини (4 та семестр) ҳамкор университетда ўқиши қайд этилган.
Лойиҳада факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжати сифатида эътироф этилган, университет ҳамда ҳамкор университет дипломларини бериш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)