Uzbekistan airways мутасаддилари бугун, 20 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида «Андижон» аэропортларидаги ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Компаниянинг Қуруқликдаги иншоотлар эксплуатацияси ва аэропортларни бошқариш департаменти директори Антон Ходжаянга кўра, «Андижон» аэропорти ўтган йил октябридан бери ишламаяпти, бироқ ёпилган эмас. У шошилинч ва кўзда тутилмаган вазиятлар, ҳарбий ва махсус рейслар учун фойдаланилади.
«Аэропортнинг ҳолати бугунги кун талаблари, жумладан, Ғарбда ишлаб чиқарилган самолётлар қўнишига яроқли эмас. Бу биз маҳаллий рейсларни бажарадиган А-320 самолётларига тегишли. Бу ерда янги терминал, учиш-қўниш майдони, умуман, барча инфраструктурани қуриш керак», — деди Ходжаян.
«Термиз» аэропортида ҳам шундай ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу аэропортнинг географик жойлашувини ҳисобга олиб, қурилишларни аввал бу ерда амалга ошириш, сўнг Андижонга ўтишга қарор қилинган.
Изоҳ (0)