Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров июнь ойининг биринчи якшанбасида нишонланадиган Соғлом овқатланиш куни муносабати билан россияликларга камроқ овқат истеъмол қилишни маслаҳат берди, дея хабар қилади «MK.ru».
Рамзан Қодировнинг формуласи қуйидагича: ошқозоннинг учдан икки қисмигина тўла бўлиши керак. Ундан ортиқ эмас. У ҳадислардан мисол келтириб, замонавий овқатланишнинг зарари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
«Ҳозирги кунда истеъмол қилаётган овқатларимиз кимёвий моддаларга тўла ва у вазн ортишига олиб келади. Одам соғлиги ҳақида йилига 365 кун ўйлаши керак. Ҳадисларда ошқозоннинг учдан бир қисмини овқат билан, яна бир қисмини эса ичимлик билан тўлдириш кераклиги айтилади. Қолган бир қисми бўш туриши керак.
Ҳаётда эса ҳаммаси аксинча. Барча қорнини иложи борича кўпроқ тўлдиришга интилади. Шунинг ортидан семизлик ва бошқа касалликлар келиб чиқади. Овқатдан ва бошқа нарсалардан тийилиб, жисмоний спорт билан шуғулланинг. Шундагина куч ва ғайрат сизларга оқиб келади», — деб ёзади Қодиров ўзининг Telegram’даги каналига.
Изоҳ (0)