Давлат солиқ хизмати органлари солиқ ислоҳотларининг янги даврида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маъмурчилигини ва солиқ ҳисоботларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига қараганда, ҳисобот шаклларининг 9 та иловаси 5 тага камайтирилган бўлса, ҳисобварақ-фактураларнинг электрон кўриниши синов тариқасида Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қўлланилмоқда.
Натижада жорий йил биринчи чораги якунларига кўра, ҚҚС тўловчилари сони 5 баробарга кўпайиб, 35 мингтага етди. Ушбу солиқ орқали тушган маблағлар 5,2 трлн. сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошди.
Шу билан бирга, жорий йилдан ҚҚС тўловига ўтган 26 мингта янги солиқ тўловчи субъектларнинг 7,4 мингтаси ҳисоботларини нол ва 5,5 мингтаси манфий суммада тақдим этган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида, 4 апрель куни «2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш» юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги танқид қилинган эди.
Ҳозирда ҚҚС маъмурчилигини тўлиқ автоматлаштириш ва тадбиркорлик субъектларига қулай рақобат шароитини яратиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банкининг экспертлар гуруҳи билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)