Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Ўрдабаси тумани полициячилари дўконда ўғирлик содир этганликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди, деб хабар қилади Sputnik.
Суриштирув давомида эркак қўшни мамлакатдан эканлиги ва у 14 йилдан буён Қозоғистонда яшаб келаётгани ва яқинлари томонидан қидирилаётгани маълум бўлди.
Йигит ўсмирлик чоғида ота уйидан чиқиб кетган, ўша вақтдан буён яқинлари билан алоқада бўлмаган ва ҳеч ким уни тирик кўришдан умид қилмаган.
Ўрдабаси аҳоли пунктларидан бирида жойлашган озиқ-овқат дўконида ўғирлик кечаси содир этилган. Жиноятчи дўкон томини бузиб очиш орқали ичкарига кирган ва умумий ҳажми 100 минг тенге (260 доллар)дан ошиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаб, ҳодиса жойини тезда тарк этган.
Ушбу жиноятни очиш учун маҳаллий полициячилар бир неча кун сарфлаган. Натижада эса Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.
Маълум бўлишича, бунга қадар полиция бўлинмасига маҳаллий фуқаролардан бири худди шу эркак устидан уни дўппослаганликда айблаб, шикоят қолдирган. Қўлга олинган шахс иккала ҳолатда ҳам ўз айбларини инкор этмаган. Аммо шахси аниқлаштирилаётганида, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардан фақатгина туғилганлик ҳақида гувоҳномага эгалиги маълум бўлган.
Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида келтирилган маълумотлар текширилганида полициячилар кутилмаганда қўлга олинган шахс 14 йилдан буён қўшни мамлакат, Ўзбекистонда бедарак йўқолган шахс сифатида қидирувда эканини билиб қолган. Қўшни мамлакатдаги ҳамкасблари билан боғланган қозоғистонлик полициячилар эркакнинг қариндошларини топишга муваффақ бўлган. Шу куннинг ўзида қариндошлари (отаси ва акаси) Туркистон вилоятига етиб келган.
«Мен уни энди тирик кўришдан умидимни узгандим», — деб таъкидлади йигитнинг отаси Ориф Ҳошимов.Отасининг сўзларига кўра, ўғли метрикани олиб, 2005 йилда уйдан қочиб кетган ва ўша вақтдан буён ундан ном-нишон бўлмаган. Аммо қочоқ ўғил ва ота учрашувидаги хурсандчилик узоққа чўзилмади, айни вақтда йигит ҳибсда, унинг устидан Қозоғистон Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Йигит суд томонидан белгиланган жазони ўтаб бўлгач, оиласи бағрига қайтиши мумкин.
Изоҳ (0)