Ўзбекистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори, француз филологияси кафедраси мудири, «Ўзбекистон—Франция» дўстлик жамиятининг ижрочи директори Рахима Ширинова Франция ҳукумати томонидан «Palmes Academique» ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.
Франция ҳукуматининг «Palmes Academique» ордени 1808 йил 19 мартда император Наполеон I томонидан таъсис этилган ва илк бор Париж университети академиги ҳамда профессорлари ушбу орден билан тақдирланган. Мазкур орден Франция ҳукумати томонида фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун берилади. Орден номзодлари Франция таълим вазирлиги ва Palmes Academique ордени кенгаши билан ҳамкорликда кўриб чиқилади. Кенгаш қарори билан номзодлар рўйхати Франция Бош вазири томонидан тасдиқланади.
Рахима Ширинова 26 йилдан буён университетда фаолият олиб бориш жараёнида француз тилини ўқитиш, француз тилини тарғиб қилиш, француз тилида дарслик, ўқув қўлланма ва луғатлар яратиш каби ишлари билан ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. 120 дан ортиқ илмий мақолалари француз ва ўзбек таржимачилиги тадқиқоти ҳамда бадиий таржима таҳлилига бағишланган. Охирги йилларда кетма-кет давлат грантларида ҳам французча-ўзбекча аудиовизуал ва визуал луғатлар яратиш каби инновацион лойиҳаларга раҳбарлик қилмоқда.
Айниқса, «Ўзбекистон—Франция» дўстлик жамиятининг ижрочи директори сифатида француз маданиятини Ўзбекистонда ва ўзбек маданияти ва тилини Францияда тарғиб қилишдек хайрли ишларни амалга оширмоқда. Куни кеча Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба тил ва адабиёт йўналишидаги университетлардан бири Сорбон Нувел Париж 3 университетининг Ўзбекистон Миллий университетига ташрифи бўлиб ўтди.
Мазкур ташриф доирасида Рахима Ширинова Тошкентдаги Француз Альянси ва Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университетларида учрашув, семинар ва Master класслар ташкиллаштирди
Изоҳ (0)