Тошкент вилояти Қибрай туманида Президентнинг ташаббуслари ўзига хос тарзда амалий қадам билан бошланган. Бу ҳақда Қибрай тумани ҳокимлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 19 март куни давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига урғу берилди.
Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.
Шу боис Ўзбекистон Президент томонидан 5 та муҳим ташаббусни илгари сурилди:
Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Давлат раҳбари топшириқларини ўз вақтида бажариш ва кўтарилган 5 та устувор йўналиш бўйича манзилли ишлар ташкил қилиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар томонидан мақсадли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Жумладан, Қибрай тумани ҳокимлиги ва сектор раҳбарларининг ташаббуси билан 24 март куни туманнинг барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ва ходимлари ўзларининг оила аъзолари билан Ўзбекистон давлат драма театрига ташриф амалга оширилган.
Театрнинг диққатга сазовор жойлари, актёрларнинг ижод жараёнидаги ҳолатлари ва улар билан бўлиб ўтган ижодий суҳбатдан сўнг «Ер барибир айланаверади» театр намойиши бўлиб ўтган.
Намойиш томошабинлар учун ўзига хос байрам табриги ва маънавий ҳордиқ чиқариш учун шароит яратилганлиги билан мазмунли бўлган.
Изоҳ (0)