Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтиришни ўз ичига олувчи қонун лойиҳаси 5 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда «Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Қонун лойиҳаси, жумладан, Ўзбекистон МЖтКнинг 111-моддасини янгилашни кўзда тутади. Жумладан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш, уларнинг ўлими ёки майиб бўлиб қолишига олиб келган ҳолатлар ЭКИҲнинг 10 баробаридан 15 баробаригача жарима қўллаш учун асос бўлиши таклиф этилмоқда.
Маъмурий жазо қўлланилгандан кейинги бир йил ичида содир этилган айни шу ҳуқуқбузарликлар ёки мазкур модданинг биринчи қисмида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этишга вояга етмаганларни жалб этиш ЭКИҲнинг 15 баробаридан 30 баробаригача жарима қўллаш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.
Ҳозирда МЖтКнинг 111-моддаси ЭКИҲнинг 0,5—2 миқдоридаги жазони кўзда тутади.
Изоҳ (0)