БМТнинг эълон қилишича, ИШИД террорчилик гуруҳи туфайли Суриянинг Дейр аз-Зор провинциясидан қочган 80 дан ортиқ суриялик қўшни Хасеке провинциядаги ал-Хол қочоқлар лагерига кетаётиб, йўлда вафот этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Хабар берилишича, ал-Хол лагерига йўлида ёки лагерга етиб келиши билан 84 нафар киши вафот этган. Уларнинг учдан икки қисми аёллар ва беш ёшгача бўлган болалар. Шунингдек, 175 нафар бола етарлича овқат емагани учун ҳолсизланиб, касалхонага тушиб қолган», — дейди БМТ гуманитар масалалар бўйича олий комиссари бошқармасининг расмий вакили Йенс Лерке.
БМТ берган маълумотларга кўра, ўтган ҳафтанинг ўзида лагерга 13 минг киши келтирилган. Уларнинг 90 фоизи аёллар ва болалар. Кўпчилиги касал, қорни оч ва ҳолдан тойган.
Хасеке провинциясидаги ал-Хол лагери Суриянинг Хажин шаҳридаги жангари ҳаракатлардан қочган барчани қабул қилади. Хажинда араб-курд ҳарбийлари бир неча ойдан бери АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг авиацион ёрдамида ИШИД гуруҳига қарши жанговар ҳаракатлар олиб бормоқда.
ОАВ кўп марта коалициянинг авиазарбалари натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.
БМТнинг ҳисобига кўра, лагер аҳолиси 53 минг кишини ташкил қилади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)