Абу Усмон Ўзбекий Шарқий Суриядаги Багхуз аҳоли пунктида портловчи моддалар тўлдирилган машинани портлатиб юборди. Бу ҳақда Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази хабар бермоқда.
ИШИД жангариларига кўра, портлаш оқибатида халқаро коалиция қўллаб-қувватлаётган «Сурия демократик кучлари»га мансуб бир неча араб ва курд жангчиси ҳалок бўлди ҳамда яраланди. Шунингдек, уларнинг техникаси ҳам шикастланган.
Халқаро коалиция томонидан ИШИДнинг Дайр аз-Завр вилоятидаги охирги анклави тўхтовсиз бомбардимон қилинаётган ва артиллерия зарбалари берилаётганига қарамай, жангарилар қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.
Ҳудудни тозалаш ишларини бу ерда бир неча минг тинч аҳоли вакили ва жангарилар оилалари борлиги мураккаблаштирмоқда. Бироқ жанглар орасида танаффус бўлганида ҳудудни тарк этишни истаганлар бу имкониятдан фойдаланмоқда. Жумладан, 12 февраль куни Багхузни мингга яқин киши, асосан аёллар ва болалар ташлаб чиқди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)