Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 29-MTMда тарбияланувчи Райҳона Орзиеванинг вафоти билан боғлиқ ҳолатни ўрганмоқда. Бу ҳақда вазирлик вакили «Дарё»га маълум қилди.
Айни вақтда вазирликнинг махсус ишчи гуруҳи Ургут туманида ҳодисанинг тўлиқ манзарасини тиклаш устида ишламоқда. Натижалар вазирликнинг «Mdo.uz» сайтида эълон қилинади.
MTВ маълум қилишича, Райҳона Орзиеванинг ўлими ҳолати ҳудудий ва вилоят мактабгача таълим идоралари томонидан вазирликдан яширилган, бунинг учун масъул шахслар тегишли жазога тортилади.
Вазирлик Райҳона Орзиеванинг оиласига ҳамдардлик билдириб қолади ва ҳодиса пухта ўрганиб чиқилишини кафолатлайди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Ургут туманида 2012 йилда туғилган Райҳона Орзиева боғчанинг болалар ўйингоҳи майдончасидаги темир арғимчоқда ўйнаётган вақтда йиқилиб тушиб, тан-жароҳати олиб ҳалок бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Орзиеванинг арғимчоқдан йиқилиб вафот этиш ҳолатини бахтсиз ҳодиса сифатида қайд этиб, ишни ёпиб юборишган.
Изоҳ (0)