Аргентиналик ҳужумчи Эмилиано Сала Ла-Манш бўғози устидан учаётган самолётнинг авиаҳалокати сабаб вафот этгани тасдиқланди. Бу ҳақда Дорсет графлиги полицияси хабар берди.
Таъкидланишича, самолёт бўлаклари орасидан 28 ёшли футболчининг танаси топилган ва сувдан чиқарилган.
Бу ҳақда ҳалокатга учраган Сала ва учувчи Дэвид Айббоцон (унинг танаси ҳали топилганича йўқ)нинг қариндошларига маълум қилинди. Улар билан махсус мутахассислар ишламоқда.
Саланинг ўлими юзасидан иш олиб борган Коронер хизмати авиаҳалоҳат сабаблари ва футболчининг вафоти белгиларини ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сала 19 январь куни «Нант» клубидан «Кардифф»га тахминан 20 миллион евро эвазига ўтганди. Бу Уэльс клуби тарихида рекорд трансфер бўлди.
Янги клуб билан шартнома тузган аргентиналик «Нант» клубидаги собиқ жамоадошлари ва яқинлари билан хайрлашиш мақсадида битта моторли PA 46 Malibu самолётида Францияга қайтди.
21 январь куни худди шу самолётда Кардиффга учганди. Душанба куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 20:00 да самолёт билан алоқа узилди. Самолёт авиадиспетчер радарида кўриниш бермади. Шундан сўнг Гернси оролларидаги Ла-Манш бўғозига тезкор қидирув бўлими юборилди.
22 январь куни полиция Сала учган тахминан 1700 квадрат милл бўлган ҳудудда қидирув-қутқарув операциясини бошлади ва 24 январь куни самолётни қидириш ишлари тўхтатилганди.
Саланинг қариндошлари йўқолган футболчини қидириш мақсадида пул тўплашга киришди. Икки кун ичида мухлислар ва машҳур футболчилар 300 минг евродан кўп маблағ йиғди ва 3 февраль, якшанба куни Салани қидириш операцияси бошланди.
Дастлаб қутқарувчилар Сала учган самолётни топди, кейин эса самолёт бўлаклари орасидан унинг танасини.
Эмилиано Сала фаолияти давомида «Бордо», «Орлеан», «Нёр», «Кан» ва «Нант» клубларида ўйнади. «Кардифф»да тўп суриш эса унга насиб этмади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)