Ўзбекистонда умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида бадиий адабиётни мутолаа қилиш ҳамда уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойларида ахборот-ресурс маркази, синф раҳбарлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, кутубхоначилар ва ёшлар етакчилари иштирокида «Китоб ҳафталиги»ни ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабарида айтилади.
Мазкур режага асосан «Китоб ҳафталиги» тадбирлари она тили ва адабиёт фани дарсларида, тарбиявий соатлар жараёнида ҳамда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтида юқори савияда ташкил этилиши белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, ҳафталик доирасида ўзбек миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарлари мутолаа қилиниши қайд этилган. Ўқувчилар дунёқарашини ривожлантирувчи асарлар сирасига шеър, ҳикоя ва қисса, шунингдек. қизиқарли эртаклар ҳам киритилган. Ушбу бадиий адабиётлар ўғил-қизларнинг ёшига мос тарзда танланган. Асарлар жадвалга биноан ҳар ҳафта белгиланган адабиёт синфлар кесими бўйича мутолаа қилинади. Барча саъй-ҳаракатлар педагогларнинг фаоллигини оширишга, шу билан бирга ҳафталикни уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, «Китоб ҳафталиги» жорий йилнинг 4 февралида бошланиб, 25 майида якунланади.
Изоҳ (0)