Жиззах вилояти Мирзачўл туманида янги замонавий Давлат хизматлари маркази очилди. Мазкур туманнинг 51 мингдан ортиқ аҳолиси энди қулай ва сифатли давлат хизматлари олиш имконига эга. Вилоятга ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги «Дарё»га маълум қилди.
Анъанага кўра, ҳар бир очилаётган Давлат хизматлари маркази аввалгисидан қўшимча яратилган шароитлар ҳамда жорий этиладиган ва синов тариқасида кўрсатиладиган янги хизматлар билан фарқланади. Мирзачўл тумани маркази ушбу анъанани давом эттирди.
Фуқаролар бу ерда яратилган кутубхонада навбати келгунча қизиқарли китоб ўқиши, болалар эса махсус жиҳозланган майдончада вақтини ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, марказнинг ўзида «Бахт уйи», туман адлия бўлими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳам жойлашган.
Шунингдек, Марказ эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, фуқаролик паспортини олиш ва алмаштириш учун зарур бўлган техника билан жиҳозланган. Барча хизматлар электрон навбат тартибида кўрсатилади.
Илк бор янги марказда ташкил этилган инвесторлар учун махсус хонада тадбиркорлар юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматлар, имтиёзлар, Ўзбекистонда бизнесни очишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот олиши мумкин.
Изоҳ (0)