14 та хорижий авиакомпания Ўзбекистонда фаолият юритишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаев маълум қилди, дея хабар беради «Халқ сўзи».
Қосимхўжаевнинг айтишича, унинг ўзи тўртта катта лоукостер компания билан музокара олиб борган. «Ҳозирда Ўзбекистон бозорига 14 та турли компания қизиқиш билдирмоқда. Улар фақат лоукостерлар эмас. Ораларида KLM (Нидерландия), Lufthansa (Германия), Lion Air (Индонезия) ва бошқа авиакомпаниялар бор», деди Қосимхўжаев.
Туркиянинг иккита лоукостери — Pegasus Airlines ва Atlasglobal, шунингдек, БААдан Flydubai ҳамда Россиядан яна бир компания Ўзбекистон бозорини кузатмоқда.
— 2018 йил авиация соҳасида катта ўзгаришлар бўлди, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» монополияни йўқотди. Аэропортларни бошқариш функцияси Uzbekistan Airports’га берилди. Энди ким бозорга кириши масаласи бевосита бош вазирнинг ваколатлари доирасида, — қўшимча қилди Туризмни ривожлантириш қўмитаси мутасаддиси.
Изоҳ (0)