Фарғонада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкилланган «Ўзбекистон — Хитой: минтақалар ҳамкорлиги» деб номланган фотокўргазма иш бошлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида ташкил этилган мазкур фотокўргазма Ўзбекистон—Хитой дўстлик муносабатлари, минтақалараро ҳамкорликдан ҳикоя қилади. Айниқса, Фарғона вилоятидаги қўшма корхоналар фаолияти, вилоят делегациясининг Хитойга ташрифи, Хитойнинг турли провинцияларидан олинган суратлар кўргазмага келганларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Фарғона вилояти ва Хубэй, Шандун провинциялари ўртасида дўстлик алоқалари йўлга қўйилгани тадбиркорлар учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. Бугунги кунда вилоятда Хитой капитали иштирокида 60 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудлар ишбилармонларининг ҳамкорликда бизнес форумлар ўтказиши мунтазамлик касб этган.Ўтган йилда вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб, кўплаб самарали шартномалар тузишга эришилди.
Шунингдек, вилоят делегацияси Хитойнинг Хубэй провинцияси маъмурий маркази Ухань шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро биродар шаҳарлар конференциясида иштирок этди. Хитойнинг бир қатор провинцияларидаги йирик компаниялар раҳбарлари, тадбиркорлар ҳам вилоятга ташриф буюрди ҳамда бир қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатлари бошланган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими билан Хитой журналистлар ассоциацияси орасида яқин муносабатлар ўрнатилган бўлиб, сўнгги 3 йилда ўттиздан зиёд фарғоналик журналист ўзаро тажриба алмашиш учун Хитойга борди, 31 нафар хитойлик журналист эса Фарғонага келди.
Изоҳ (0)