Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктамбой Қурбоновнинг сенаторлик ваколати муддатидан илгари тугатилди. Бу ҳақда Turon 24 хабар берди.
МСКнинг ушбу қарори Қурбонов Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан ва берган аризасига мувофиқ қабул қилинган.
Хоразм вилояти давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Сенат аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси 2018 йил 26 декабрь куни соат 14:30 да Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат марказининг мажлислар залида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29—30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифидан сўнг 1 декабрь куни вилоятнинг 5 та туманида ҳокимлар алмашгани хабар қилинган эди.
Ҳазорасп тумани ҳокими лавозимида ишлаган Ўктамбой Қурбонов Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машариповнинг ўрнига тайинланган. Машарипов эса Янгибозор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган.
Ҳазорасп тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Равшан Жабборов тайинланган. У олдин Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси бўлиб ишлаган.
Президентнинг Хоразмга ташрифидан сўнг вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Қудратбек Эгамбергенов Хоразм вилояти ҳокимининг иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган эди. Солиқ бошқармасига эса Ҳурмат Абдукаримов раҳбар этиб тайинланган эди.
Изоҳ (0)