Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда бўлиб турган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси бўлими директори Клаудиа Стейн бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Унда «2018–2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллиги ўртасидаги икки йиллик ҳамкорлик келишуви» доирасида соғлиқни сақлаш ахборот тизими ва маълумотларни бошқариш учун халқаро стандартлардан фойдаланиш бўйича техник кўмаклашув амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Мазмунли мулоқот давомида соғлиқни сақлаш ахборот тизимини ривожлантириш «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини мониторинг қилиш, баҳолаш, ўқитиш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказиш, халқаро экспертларни жалб этиб, соҳа мутахассислари учун тренинглар ўтказиш, электрон соғлиқни сақлашни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга грантлар ажратиш масалалари ҳал этилди.
Учрашувда ЖССТ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш доирасида соҳага доир маълумотларни бошқариш жараёнига грантлар ажратилиб, тиббиётда электрон тизимни татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилгани эътироф этилди.
Изоҳ (0)