Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини уларнинг банк карталаридан ундириш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасига қарши чиқишини маълум қилди.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан интерактив давлат хизматлари ягона порталига «Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилгани муносабати билан Марказий банк бу лойиҳа бўйича ўз эътирозларини билдирган эди.
Бугунги кунда, жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини уларнинг банк карталаридан сўзсиз ундириш тартиби бўйича қонуний ва шаффоф механизм мавжуд эмаслиги сабабли, Марказий банк қайд этилган ҳужжат лойиҳасини қонун ҳужжатларига, хусусан Фуқаролик кодекси нормаларига мувофиқлигини таъминлаш лозим деб ҳисоблайди, дейилади хабарда.
Қандай эзгу мақсад кўзланган бўлишидан қатъий назар, идоравий манфаатлар бошқа тармоқлар ёки бутун мамлакат иқтисодиёти ривожланишига салбий таъсир етказмаслиги зарур. Марказий банк, ўз навбатида, таклиф этилаётган ўзгартиришларга банк сири ва банк тизимига бўлган тўлақонли ишончни сақлаб қолиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратади, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)