Қорақалпоғистонда жорий йилда содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоизга камайди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бироқ ўғрилик, товламачилик жиноятлари, йўл-транспорт ҳодисалари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, Миллий гвардия, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, вазирликлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган йиғилишда Президентнинг 2018 йил 4 декабрдаги Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойиши талабларини бажариш, олдинда турган вазифалар ижросига эътибор қаратилди.
Тадбирда жиноятчилик сони ортган шаҳар ва туманлардаги сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Изоҳ (0)