Грузия пойтахти Тбилисининг энг «асосий» диққатга сазовор объектларидан бири бўлган кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватида қолиб кетган мовий «Жигули» ерга туширилди. Автомобиль тўртинчи қаватда 27 йил ҳаракатсиз турган. Бу ҳақда «Мотор» хабар берди.
Бу машинанинг тарихи кўпчиликка маълум. 1991 йилда Тбилисида яшовчи Резо Энукидзе янги «ВАЗ-2106» машинасини сотиб олган. Биринчи кечадаёқ машинанинг шиналари ўғирлаб кетилган. Жаҳли чиққан Энукидзе машинасини яхши замонлар келгунга қадар сақлаб қўйишга қарор қилган ва кран ёрдамида уни ўз уйининг балконига чиқариб қўйган.
Бир ярим йил аввал вафот этган Энукидзенинг қариндошлари яқинда автомобилни ерга туширишга қарор қилган. Машинанинг сотилиши тахмин қилинмоқда, деярли янги бўлган шинасиз машинага харидорларнинг кўп бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)