Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2019 йил январида Туркияда йиғин ўтказади ва мазкур йиғинда улар Озарбайжон ва Словакия термаларига қарши баҳс олиб боради. Бу ҳақда терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Миллий олимпия қўмитасида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Биз Олимпия терма жамоаси учун 2020 йилгача катта стратегик режа ишлаб чиққанмиз. Ана шу режа асосида босқичма-босқич иш олиб боряпмиз. Олимпия терма жамоаси аста секин шаклланиб бормоқда. Йиғинлар давомида саралаб олинган иқтидорли футболчиларни халқаро мусобақаларга олиб борилиб, уларга тажриба тўплаш имкони берилмоқда. Бундан ташқари ЎФАдаги Илмий методик гуруҳ мутахассислари билан биргаликда Олимпия терма жамоасига номзод футболчилардан мунтазам равишда жисмоний синовлар олиняпти. Уларнинг жисмоний ҳолати текширилиб, камчиликлари аниқланиб, жисмоний ҳолатни яхшилаш учун барча чора-тадбирлар олиб борилмоқда.Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик олимпиячилар БААда ўтган Dubai Cup мусобақасида ғолиб чиқди. Мазкур терма жамоага чет элдан мураббий келиши кутилмоқда.Dubai Cup мусобақасига тўхталадиган бўлсак, ушбу халқаро мусобақа биз учун жуда фойдали бўлди. Япония, БАА, Кувайт каби терма жамоаларга қарши ўйинларда ўз тактик услубларимизни синовдан ўтказиб олдик. Қувонарлиси, ушбу мусобақада ғалаба қозониб, навбатдаги тайёргарлик босқичини юқори кайфиятда якунладик. Ғалабалар доим ёқимли, бу жараён футболчиларда ғолиблик руҳини пайдо қилади.
Юқорида стратегик режа ҳақида айтиб ўтдим. Стратегик режамизнинг 1-босқичи 2019 йилнинг март ойига қадар мўлжалланган. Хабарингиз бор, келаси йилнинг март ойида Тошкентда Осиё чемпионати U23 мусобақаси саралаши бўлиб ўтади. Дастлабки режамиз, ана шу саралашга муносиб тайёргарлик кўриш ва Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. 1 декабрь куни Суперлига ниҳоясига етади. Футболчилар 10 декабрга қадар дам олишади. 10 декабрдан Тошкентда навбатдаги йиғинни бошлаймиз. Тошкентда ўтказишимизнинг асосий сабаби ўша пайтда юртимизда совуқ ҳаво ҳукмронлик қилаётган бўлади. Биз мана шундай об-ҳаво шароитида ҳам футболчиларни синаб, уларни чиниқтирмоқчимиз. Кейин январь ойида Туркияда йиғин ўтказамиз. Туркиядаги йиғин давомида Словакия ва Озарбайжон терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинларида майдонга тушамиз. Бундан ташқари, февраль ойида Испанияда турнир ташкил этилмоқда. Мазкур турнирда ҳам қатнашиш режамиз бор. Шу тариқа март ойидаги Осиё чемпионати саралашига тайёргарлик кўрамиз.
Равшан Ҳайдаров, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи
Изоҳ (0)