2018 йил 5 сентябрь куни Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда тумандаги 16-мавзеда жойлашган дўконлардаги якка тартибдаги тадбиркорлар билан суҳбат уюштирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида тадбиркорлар дўконларининг олд қисми ва фуқаролар қатнови йўлагида ёшлари тахминан 25-35 ёшдаги шубҳали аёл ва эркаклар томонидан «Трамадол» ва «Лирика» психотроп гиёҳванд дори воситалари сотилаётгани, улар асосан куннинг кечки иккинчи ярми яъни 18:00 дан 22:00 гача ўзларининг ноқонуний «савдо»сини бошлашларини маълум қилди.
«Заҳри қотил савдогарларининг бу ҳаракатларидан йўлдан ўтиб кетаётган фуқаролар, ёшлар, савдо ходимлари ва харидорларнинг осойишталиги бузилаётганлигини, шунингдек, бу ҳолат фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлигини, шу сабабли ушбу психотроп моддани сотаётганларга ҳамда истеъмол қилиб келаётган фуқароларга нисбатан қонуний чора кўришлик, шунингдек, мазкур ҳудудга ички ишлар ходимларини бириктириб беришни сўради», — дейилади хабарда.
Қонунчиликка кўра «Трамадол ва Ланнахер» дори воситалари психотроп модда ҳисобланади. Тадбиркорлар билан суҳбат чоғидаги далиллар ўрганилиб, тезкор тадбирлар ўтказилди. Ҳақиқатан ҳам мазкур ҳудудда психотроп дори воситалари олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар ушланди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273- ва 276-моддалари билан 23 та жиноят иши очилиб, 28 нафар фуқарога нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Изоҳ (0)