Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида «Айтматов ва театр» халқаро фестиваль доирасида 13 ноябрь куни Қирғиз драма театри биносида Ўзбекистон давлат драма театрининг «Жамила» спектакли намойиш этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабар бермоқда.
Атоқли қирғиз адиби ва жамоат арбоби Чингиз айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳридаги Т. Сатилганов номидаги филармония концерт залида 2018 йилнинг 12 ноябрь куни соат 11:00 да «Айтматов жана театр» («Айтматов ва театр») халқаро театр фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Ч. Айтматов асарлари асосида саҳналаштирилган театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди.
Халқаро фестивалда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия мамлакатлари Ч. Айтматов асарлари асосида саҳналаштирилган 19 та спектакль билан иштирок этиши кўзда тутилган.
Фестиваль доирасида дастлаб Қирғизистон Республикаси М. Ризкулов номидаги Норин вилоят мусиқали академик драма театрининг «Асрга татигулик кун» асари асосида саҳналаштирилган «Ман» спектакли билан бошлаб берилди.
Изоҳ (0)