11 ноябрь куни Филиппиндаги бутун бир қишлоқ аҳолиси исломни қабул қилди. Британия Ислом ва тадқиқотлар академияси (IERА) ходимлари ушбу воқеанинг гувоҳи бўлди, деб хабар берди «Islom.uz».
IERА жамоаси «Dawah Out reach work» лойиҳаси доирасида яқиндагина исломни қабул қилган филиппинлик Абу Бакр томонидан мамлакатнинг марказий қисмидаги Себу провинцияси Бантаян оролидаги маҳаллий масжидга таклиф қилинган эди.
«IERА жамоаси Абу Бакрнинг ёрдамида камбағалларга тарқатиш учун озиқ-овқатлар тайёрлаб қўйишган эди», — дейилади хабарда.
Жамоа қишлоққа келиб, маҳаллий аҳоли учун ислом дини ҳақида маърузани ташкил этди.
«Насроний динига мансуб 250 нафарга яқин инсон ҳам Абу Бакр, ҳам Эсо Хоннинг кучли маърузаларига маҳлиё бўлиб қолди. Улар ислом ва насроний динининг ўхшаш томонлари ва битта Аллоҳга сиғинган Исо алайҳиссалом пайғамбарнинг ҳақиқий номаси ҳақида гапириб берди», — деб қайд этади маълумотда.
IERА жамоасини ҳайратга солган нарса шу бўлдики, 215 нафардан иборат бутун қишлоқ аҳли бирваракайига исломни қабул қилиб, калимаи шаҳодатни қайтарди.
Филиппин умумий аҳолиси сонининг деярли 8 фоизини мусулмонлар ташкил этади.
Филиппиннинг минералларга бой Минданао жанубий минтақаси ислом дини кириб келган биринчи жой ҳисобланади, бу ерда 5 миллион мусулмон яшайди. Филиппинга ислом дини XIII асрда кириб келган.
IERА – Буюк Британияда қайд этилган хайрия ташкилоти бўлиб, унинг мақсади ислом динини тарғиб этиш ва янги мусулмон бўлганларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Изоҳ (0)