«Шереметево» аэропортидан кўтарилган «Аэрофлот» авиакомпанияга қарашли Boeing 737 самолёти 4 соат 5 дақиқадан сўнг 1 ноябрь, тонгга яқин илк бор «Бухоро» халқаро аэропортига келиб қўнди. Ўз ичига 155 йўловчини олган ҳаво лайнери тантанали кутиб олинди, дея хабар беради ЎзА.
Янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши АҚШ ва Европанинг турли шаҳарларидан Бухорога келаётган сайёҳлар сони кўпайиб бораётгани билан боғлиқ. Улар Москвадан тўғридан-тўғри қадимий шаҳарга келиш учун «Аэрофлот» имкониятидан фойдаланади.
Айни пайтда Бухородан Россия пойтахтига борадиган йўловчилар, жумладан, ишбилармон доира вакиллари учун ҳам мазкур авиакомпаниянинг ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари хизмат кўрсатадиган ҳаво лайнерлари қулай.
Бухорода «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси филиали ҳам очилди. Бу хизмат офиси «Бухоро» аэропортида йўловчи чипта ва юкларини у йўл оладиган Европа мамлакатлари ёки Америка Қўшма Штатлари тегишли шаҳарларигача расмийлаштирилишини таъминлайди. Шу тариқа, йўловчи Москвага боргач, чиптада кўрсатилган манзил учун ҳужжатларни қайта расмийлаштиришига ҳожат қолмайди.
Изоҳ (0)