Бугун, 26 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманига ташрифи чоғида ҳудуддаги замонавий ишбилармонлик маркази лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф чоғида Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди. Бу таклифлар Россиянинг Қозон шаҳри тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. У профессионал сервис компаниялари ташкил этиш орқали кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Президент туманда ушбу тизимни жорий мавсумдаёқ татбиқ этиш, ҳар бир кўп қаватли уйнинг эгасини топиб, уларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади.
«Инновацион, илмий ва ташкилий ишларни бирлаштириб, баравар олиб бормасак, бу соҳа эскича ҳолда қолаверади. Коммунал хизматлар хусусий корхоналар томонидан амалга оширилмаса, сифат бўлмайди. Сифат бўлмагандан кейин тўлов ҳам барқарор бўлмайди. Бу соҳада хизматни, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, вазият ўзгаради, одамлар рози бўлади»,— деди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)