Ўзбекистонда қандли диабетнинг иккинчи турини скрининг қилиш бўйича лойиҳа амалга оширилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида касалликни скрининг қилиш методологиясини ўрганиш бўйича экспертлар гуруҳи тузилган.
Экспертлар гуруҳи таркибида таниқли чет эллик олим Яков Пахомов ҳам бор. «Пахомов томонидан ишлаб чиқилган қандли диабет иккинчи турини скрининг қилиш лойиҳаси ҳозирда Европа давлатлари ва Россияда касалликнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш бўйича самарали услуб сифатида муваффақият қозонган ва инсон саломатлигини асрашда муҳим натижа бермоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.
Шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Яков Пахомов бошчилигидаги хорижлик нуфузли экспертлар ва мутахассислардан иборат делегация куни кеча Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан учрашган.
Учрашувда қандли диабет касаллиги, хусусан, унинг иккинчи турини эрта аниқлашда Яков Пахомов томонидан илгари сурилаётган Ўзбекистон аҳолисини қандли диабетнинг иккинчи турига скрининг текширувидан ўтказиш лойиҳаси юзасидан фикр алмашилган.
«Мазкур лойиҳа 2018 йил октябридан бошланади. Дастлаб Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманида, Бухоро шаҳри ҳамда Ғиждувон туманидаги тиббиёт муассасаларида тажриба лойиҳаси амалга оширилади», — дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистонда қандли диабетнинг иккинчи турини скрининг қилиш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда тажриба сифатида белгиланган ҳудудларда Ўзбекистон учун тўғри ва мақбул усулни аниқлаб олишга эътибор қаратилади.
Бунинг учун аҳоли ўртасида скрининг текширувлари амалга оширилади ва уларда қандли диабетнинг иккинчи турини эрта аниқлашга қаратилган турли ёндашувлар тестдан ўтказилади.
Иккинчи босқичда аниқланган самарали усуллар асосида Ўзбекистон миқёсида тиббий профилактика тадбирлари амалга оширилади.
Изоҳ (0)