Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма 27 муносабати билан Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга давлат мукофоти ва навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Байрам тантанасида мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Ўзбекистон Президентининг «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонини ўқиб эшиттирди.
Ушбу фармон билан мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасида хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун 16 нафар ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
«Мамлакатимизнинг ана шундай юксак эътиборига сазовор бўлган барча ҳарбий хизматчиларни, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини ҳамда Сизларни жонажон Ўзбекистонимизнинг қутлуғ айёми, мустақилликка эришган кунимизнинг йигирма етти йиллиги билан яна бир бор самимий табриклайман», — дея йиғилганларни муборакбод этди Абдусалом Азизов.
Фармонга кўра, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари II даражали «Шон-шараф», «Мардлик» орденлари ҳамда «Жасорат» ва «Содиқ хизматлари учун» медаллари билан тантанали равишда мукофотланди. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвон ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Тадбир сўнгида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга байрам шукуҳини улашди.
Изоҳ (0)