Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Япониянинг Нагоя университети президенти Мацуо Сейити раҳбарлигидаги делегация 30 август куни Самарқанд шаҳрига келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёри ва яна бир қатор дунёга машҳур олимлар Самарқанд билан танишувни Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Меҳмонларга буюк жаҳонгирнинг Шарқда қудратли давлатга асос солгани, адолатли, халқпарвар сиёсат юритгани, минтақа илм-фани ва маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Регистон майдонидаги маҳобатли уч мадраса ва уларнинг яратилиш тарихи, шу ерда намойиш этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам япониялик олимларда катта қизиқиш уйғотди.
Делегация аъзолари Бибихоним масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар билан ҳам танишди.
Изоҳ (0)