Ўзбекистон термасининг Осиё ўйинлари—2018 мусобақасидаги иштирокини миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер ҳам кузатиб борди(унинг ёрдамчиларидан бири эса олимпиячилар ўйинини Индонезиядан туриб кузатди). Бунинг боиси эса Жакартада тўп сурган йигитларнинг аксарияти эндиликда мамлакат бош жамоа асоси бўлиб хизмат қилиши ҳам айни ҳақиқат.
Бугун, 27 август санаси ўзбекистонлик футболчилар Осиё ўйинларидаги юришига чорак финалда якун ясади. Шундан келиб чиқиб, «Дарё» нашри Эктор Купер жой олган меҳмонхонага ташриф буюрди ва мутахассис билан қисқа суҳбатда бўлди.
«Футболда ҳар доим ҳам зафар қучишнинг иложи йўқ. Бунда мағлубиятлар ҳам ёнма-ёндир. Ўзбекистон Осиё ўйинларида чемпионлик учун кураш олиб борадиган салоҳиятга эга эди ва буни кореяликлар ҳам жуда яхши тушуниб турганди. Муҳими йигитларимизда потенциал борлиги», — дея гап бошлади Эктор Купер.
Мутахассис фикрига кўра, мағлубиятнинг ҳам мағлубиятдан фарқи бор.
«Баъзида ҳеч нарса қила олмай қолишинг, рақиб олдида очиқчасига ожиз қолишинг мумкин. Аммо бугунги мағлубиятни шундай деб бўлмайди. Бугун баъзи жабҳаларда ўзбекистонлик футболчилар устунроқ ҳам ҳаракат қилишди. Ҳисоб 3:2 бўлиб турганда ҳам устунлик биз томонимизда эди. Бунинг устида ишлаш, хатоларни тўғрилаш керак. Яна айтаман, энг муҳими футболчилар жиддий меҳнат қилишди. Бу муҳим омил».
— Ўзбекистон терма жамоасига айнан нима етишмайди деб ўйлайсиз?
— Мен захира футболчиларининг имкониятларини билмасдим. Шунинг учун ҳам қандайдир фикр билдиришим қийин. Бироқ ишонтириб айта оламанки, футболчилар ростмана тер тўкишди. Улар ўз имкониятлари даражасида тўп суришга интилишди. Бу мураббий учун энг муҳим жиҳат. Хатолар устида эса ишлашда давом этиш керак. Катта ғалабаларда ҳаттоки майда деталлар ҳам муҳим рол ўйнайди. Шуларга эътиборлироқ бўлиш талаб этилади. Мен шундай дейишим мумкин, майдондаги бугунги Ўзбекистон термаси Жанубий Кореядан кучсизроқ эмасди.
Маълумот учун, Осиё ўйинларида иштирок этган футболчиларнинг айримлари Купер ихтиёрига октябрда келиб қўшилади. Мутахассис бошқарувида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг илк учрашувини 6 сентябрь куни Тошкентда Сурияга қарши ўтказади.
Изоҳ (0)