Боткен вилояти ИИБ экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши кураш хизмати ходимлари томонидан 15 июль куни «Ўзбекистон—Қирғизистон—Тожикистон—Афғонистон» йўналиши орқали Афғонистонга ўтмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон ИИВ ахборот портали маълум қилди.
У Афғонистондаги жангарилар лагерларидан бирида қўпорувчилик-террорчилик бўйича тайёргарликдан ўтиш ва келгусида Сурияда ҳукумат қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишни режалаштиргани билдирилмоқда.
«Ўзбекистон фуқароси О.П. Боткен тумани ҳудудида қўлга олинди. Унинг ёнидан электрон ахборот ташувчилар, араб ёзувидаги адабиётлар, иссиқ кийимлар, фонар, озиқ-овқатлар ва бошқа буюмлар топилди», — дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)