«Ўзбекистон давлат филармонияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарорга кўра, Маданият вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Давлат филармонияси Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон миллий симфоник, камерли ва халқ чолғу асбоблари оркестрлари жамоалари бирлашмаси ҳамда «Туркистон» санъат саройининг барча ҳуқуқ, мажбурият ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Давлат филармониясининг асосий вазифаси этиб миллий, мумтоз ва замонавий мусиқа ҳамда рақс санъатини илғор ютуқлар асосида ривожлантириш этиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари концерт-томоша фаолиятини тегишли лицензияни олмасдан, концерт-томоша тадбирларини эса бир марталик рухсатнома олмасдан амалга ошириши мумкин.
Изоҳ (0)