Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шерзод Шерматов халқ таълими вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Kun.uz»нинг аниқлаштиришича, 20 июнь куни бош вазир ўринбосари, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда Улуғбек Иноятов ишдан олиниб, вазирликка Шерзод Ҳотамович Шерматов янги раҳбар этиб тайинланган.
У жорий йил февраль ойида инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари этиб тайинланган эди. Унга қадар ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритган эди.
Шунингдек, халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Қодирбой Бектурдиев ҳамда вазир ўринбосарлари Жаҳонгир Сиддиқов ва Дилшод Кенжаевлар эгаллаб турган лавозимларидан бўшатилди.
Халқ таълими вазири ўринбосари вазифасини бажарувчилар этиб инновацион ривожланиш вазирининг собиқ ўринбосари Отабек Назиров ҳамда инновацион ривожланиш вазири ўринбосари в.б. Алишер Умаровлар тайинланди.
Эски жамоадан халқ таълими вазири ўринбосари лавозимини фақат Алишер Саъдуллаев сақлаб қолди.
Изоҳ (0)