Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида Tashkent City халқаро бизнес маркази бунёд этилаётгани барчага маълум. Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 апрелида бу ерга ташриф буюриб, иншоотларни замонавий ва сифатли қилиб қуриш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бугун 1 июнь куни ҳам Ўзбекистон Президенти Tashkent City’нинг қурилиш ишлари билан танишди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Бугунги кунда мазкур замонавий марказ қурилиши еттита лотда жадал олиб борилмоқда. Ҳозиргача 42 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилган, ер ости монолит қопламаларини мустаҳкамлаш якунланган.
Хорижий инвесторлар ҳам бу истиқболли лойиҳада иштирок этишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда Tashkent City маъмурий кенгаши томонидан қарийб 10 сармоядор субъект билан ҳамкорлик тасдиқланган. Улар орасида Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея каби давлатларнинг йирик қурилиш компаниялари бор.
Ўзбекистон Президенти мазкур бизнес маркази қурилишининг бориши билан танишди. Қурувчи ва муҳандислар, хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди. Меҳмонхона ва конгресс-холда халқаро тадбирларни ўтказиш учун барча шароитлар яратиш, залларни безатиш ва жиҳозлашда миллийлигимизга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)