Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республикада ИШИД ташкилотининг жангарилари йўқлигини, черковга ҳужум учун бошқа шахслар жавобгарлигини айтди. Бу ҳақда у Telegram-каналида ёзди.
«Чеченистонда ҳеч қанақа ‘Иблис давлати’ ва унинг эмиссарлари бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Архангел Михаил черковидаги воқеалар ортида турганлар қонунда кўзда тутилган энг шафқатсиз жазога тортилади. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмаса ҳам бўлади», — деди у.
Чеченистон раҳбари фикрича, «аллақандай чет эл сайтлари» ҳар қандай ҳужум учун террорчилар жавобгарлиги ҳақида хабар беради. Улар шу тариқа ИШИД ҳар нарсага қодир ташкилот эканлигини бутун дунёга сингдирмоқчи бўлади.
«Унинг тарафдорлари бундай шафқатсиз акция ҳақида буйруқ бермаган бўларди демоқчи эмасман, аммо бу ҳолатда буйруқ қаердан келиб тушгани, шамол қайси томондан эсаётгани ҳақида тезкор ахборот бор», — дея қўшиб қўйди Қодиров.
19 май куни Қодиров Чеченистон пойтахти Грознийда Архангел Михаил православ черкови ташрифчиларини гаровга олишга уринган тўрт нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)