Алишер Навоий номидаги киносаройда «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан суратга олинган «Урушнинг сўнгги қурбони» қисқа метражли фильмининг илк намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўткир Ҳошимовнинг «Урушнинг сўнгги қурбони» ҳикояси асосида суратга олинган фильмда одамийлик тушунчалари, инсонларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати акс эттирилган.
Фильмда урушнинг нафақат фронт майдонларида, балки ҳар бир қишлоқда, ҳар бир хонадонда кечгани, уруш қурбонлари эса ҳар бир оилада топилгани ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм қаҳрамони Шоикром урушга бормаган бўлса-да, унинг даҳшатини, аччиғини ўз уйида туриб тотишига тўғри келади.
Оиласи корига яраб турган биргина сигири ўғирлаб кетилган, укаси оғир бетоб бўлиб тўшакка михланиб ётибди, бу ҳам етмагандек, болаларининг сўнгги ризқи – ҳовли четидаги бир ҳовуч қулупнайга ҳам ўғри оралаган. Етишмовчилик ва виждон азоби Шоикромни қалтис қарор қабул қилишга мажбур қилади. Аммо бу қарор унга қанчалик қиммат тушишини билмас эди…
«Урушнинг сўнгги қурбони» фильми сценарий муаллифи Муҳаммадхон Юсупов, постановкачи режиссёр Шерзод Мусаев. Бош ролларни Рихси Иброҳимова, Беҳзод Шойматов, Феруза Саидова, Ўлмас Ураев ва Рустам Каримов ижро этган.
Изоҳ (0)