Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон—Туркия бизнес-форумида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан туркиялик ишбилармонлар сармояларини рағбатлантириш ва тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди.
Шунингдек, мазкур тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган ташриф доирасида Истанбулда ўтказилган бизнес-форумнинг мантиқий давоми эканлиги, ўтган қисқа вақт ичида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга эришилгани таъкидланди.
Давлат раҳбари туркиялик банк ва компаниялар раҳбарларига Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди.
Туркия ишбилармонлари учун алоҳида қулайликлар яратилгани, кириш визалари бекор қилингани, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ўзаро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 500 га яқин қўшма корхона фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 59 таси шу йилнинг биринчи чорагида ташкил этилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида енгил саноат, металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва agrosаноат тармоғи, тиббиёт, туризм, чарм-пойабзал, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.
Изоҳ (0)