Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжатда таъкидланишича, бирламчи уруғчилик ва янги, истиқболли навларни синаш билан шуғулланувчи элита-уруғчилик хўжаликлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш масалалари ҳал этилмай қолмоқда.
Турли навдаги уруғлар ва репродуксияларни алоҳида йиғиш, шунингдек, уларни сақлаш ва қайта ишлаш шароитларига риоя этилиши устидан лозим даражада назоратнинг мавжуд эмаслиги экин материали сифатининг пасайишига ва ҳосилдорликнинг тушишига олиб келмоқда. Бундай ҳолларда маркетинг ва ҳуқуқий тартибга солишнинг самарасиз тизими қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг экспортини етарли даражада амалга ошириш имконини бермаяпти, селекция ва бирламчи уруғчиликнинг лозим даражада бўлмаганлиги эса уларни импорт қилиш ҳажмининг ортишига олиб келмоқда.
Уруғчилик соҳасини тубдан такомиллаштириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни халқаро бозорларга янада илгари суриш мақсадида 2018 йил 1 сентябрдан:
битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг раёнлаштирилган навларини, шунингдек, битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзанинг раёнлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди (синов ўтказиш учун жойлаштириладиган янги навлар бундан мустасно);
бошоқли дон экинлари ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати икки йилдан, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йилдан ошмайди;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг навларини (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно) мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган Қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
бошоқли дон экинлари ва ғўзанинг уруғларини экспорт қилиш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосасига асосан Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори бўйича амалга оширилади, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмайди;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини импорт қилганда (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно), агар синовдан ўтказишда қўлланилган талаблар Ўзбекистонда амалда бўлган шунга ўхшаш талаблардан паст бўлмаса, аккредитация бўйича халқаро аккредитация ташкилотлари аккредитация қилган хорижий лабораториялар томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш натижалари тан олинади.
Президентнинг 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ғўза уруғчилиги республика маркази ва Бошоқли дон экинлари уруғчилиги республика маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилди.
Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари:
қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан ғўза ва бошоқли дон экинларининг уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш;
маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқиш;
уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб боришга, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
уруғчилик бўйича халқаро ва миллий органлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Б.Н. Умаров мамлакатда замонавий уруғчилик тизимини шакллантириш, марказ, шунингдек, бирламчи уруғчилик, янги ва истиқболли навларни синаш билан шуғулланувчи элита-уруғчилик хўжаликлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа корхоналарнинг фаолиятини ташкил этишга шахсий жавобгар этиб белгиланди.
Изоҳ (0)